-
ҲАЗРАТИ АТТОР Маърифий қисса
Абдумутал АБДУЛЛАЕВ,Йўл азобли эди. Фалак тоқидаги қуёш гўёки қум барханларини эритиб, уммонга қўшиб юборгудай шиддат ила борлиққа олов пуркарди. Қилт этган шабадага зор янтоқлар оғиздан чиққан нафасга ёнгудай. Бархан биқинида турган эчкиэмар, томоғи лўққилашини ҳисобга олмаса, худди ёғочга ўхшаб кўринади. Бир қарашда саҳрода ҳаёт сўнган каби борлиқ рангсиз ва нурсиз. Дафъатан ҳарорат остида жилоланаётган, саробий манзара ортида икки нуқта кўзга ташланди. Бу нуқталар аста-секин катталашиб, ниҳоят одамзотнинг шакл-шамойилига айлана бошлади. Ажабки, инсон қораси кўриниши билан қизиган қозондай ёнаётган саҳрога ғайритабиий файз ингандай туюлди. Қуруқ ёғочга сўна каби ёпишган бояги жонивор ҳам ҳайратланиб, инсон пойқадамига кўз тикди. – Ҳазрат, танамда бир томчи сув қолмади, – сафарга отланганларидан буён илк бора зорланди озғин, юзи кумуш каби йилтираётган одам.